Коррупция – сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса бўлиб, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шахсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек бу бойлик имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришида ифодаланади.
Коррупцияга қарши ер юзидаги барча давлатларда қаттиқ кураш олиб борилмоқда, ҳатто БМТ ҳам бу иллатни энг глобал муаммолардан бири сифатида эътироф этиб, унга қарши курашиш масалаларига жиддий эътибор қаратмоқда. Мамлакатимизда мунтазам равишда мазкур иллатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигини ушбу иллатга қарши курашда муҳим қадам бўлган деб ҳисоблаш мумкин. Мазкур қонундан кўзланган мақсад коррупцияга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Давлат органи ходими, бирор бир шахс томонидан уни коррупцион ҳуқуқбузарликни содир этишга даъват қилиш ҳолати, шунингдек бошқа ишчилар томонидан шу каби ҳолатларнинг амалга оширилиши бўйича унга ошкор бўлган маълумотларни ўз раҳбари ёки ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга мурожаат этиши лозимлиги белгиланган. Мазкур мажбуриятларнинг бажарилмаслиги қонунчиликка мувофиқ тегишли равишда жазога тортилади.
Шунингдек коррупцион жиноят тўғрисида ошкор қилган шахс давлат ҳимояси остига олиниши, бироқ ушбу қоида ёлғон маълумотларни тақдим этган шахсларга нисбатан қўлланмаслиги ҳам қонунчиликда белгилаб қўйилган. Ҳар қандай жиноятчилик, шу жумладан, коррупция ҳам жамият ривожига тўсқинлик қилади.
Чунки у фуқароларда давлатга, қонунларга ишончсизлик, уларни ҳурмат қилмаслик руҳини пайдо қилади. Коррупциянинг энг хавфли томони шунда-ки, давлат хизматчиси ҳисобланувчи мансабдор шахс маълум ҳақ, яъни пора эвазига иккинчи томон – пора берувчининг қонунга зид бўлган талабини бажариши ёки унинг ғайриқонуний қилмишларидан кўз юмуши, бу эса давлат ва жамият манфаатларига зарар етказиши мумкин.
Коррупцияга қарши курашнинг долзарблиги шунда-ки, ижтимоий жиҳатдан салбий ҳодисанинг вужудга келиш сабаблари, ҳуқуқий ва криминологик жиҳатларини ўрганиш бу иллатга қарши кураш самарадорлигини ошириш имконини беради. Коррупциялашган давлат хизматчилари иштирокида жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларидан мақсадга номувофиқ равишда фойдаланилади, бугунги иқтисодий шарт-шароитлардан келиб чиқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш учун, аввало, кадрлар билан ишлаш такомиллаштирилиши лозим. Яъни хизматга олинаётган шахсларнинг ўз хизмат вазифасидан бойлик орттириш мақсадида фойдаланмасликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг асосий вазифаси жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш экани тушунтирилиши керак.
Коррупциянинг турлари:
- Маиший коррупция - давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида фуқаролар ва давлат хизматчилари ўртасида вужудга келадиган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик.
- Бизнесдаги коррупция – тадбиркорлар ва давлат хизматчилари ўртасида вужудга келадиган муносабатлардаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар.
- Ҳокимиятдаги коррупция – давлат ҳокимияти органларида мансабдор шахслари томонидан содир қилинадиган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар.
Коррупциянинг кўринишлари:
- Порахўрлик.
- Товламачилик.
- Фирибгарлик.
- Непотизм (қариндош, уруғ-аймоқ)ва ҳ.к.
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни билан кўплаб нормалар қонунчилигимизга киритилди. Жумладан коррупцияга расмий таъриф берилиб, унга мувофиқ коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш ҳисобланади.
Шунингдек, мазкур Қонун билан “манфаатлар тўқнашуви” тушунчасига ҳам таъриф берилган бўлиб, унга мувофиқ манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият эканлиги белгиланди.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш; давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш; коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш сингари вазифалар эканлиги назарда тутилди.
Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлар Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги;
- Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;
- Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;
- Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Миллий кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни мамлакатда коррупциянинг олдини олиш, унинг сабаб ва оқибатларини бартараф этиш ҳамда давлат органлари фаолиятида шаффофликни таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий асосдир. Қонунда манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, коррупция хавфини баҳолаш, давлат органлари ҳисобдорлигини кучайтириш каби механизмларнинг белгилангани коррупцияга қарши сиёсати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Умуман, ушбу қонун миллий қонунчиликни халқаро стандартларга яқинлаштириш, жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва коррупцияга бўлган муросасиз муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
М.Б.Атажанова
Хоразм вилояти Урганч туманлараро
маъмурий судининг судьяси

